
Афғон қўнсули билан кўришув
Берлинға хатлар етиб, пулнинг етмағанлиғини мандан эшитғондан сўнгра Ғулом Жейлонийхон бир қадар таажжубланған ҳолда: «Ман пул билан хатларни ўшал вақтларда ишончли курьер орқали Маскўвға Ғулом Набихонға юборғанман. Ундан сўнг нима бўлғонлиғидан хабарим йўқ. Бул тўғрида Ғулом Набихонға ёзаман. Ул киши яқиндағина Мозори Шарифдан қайтиб, Маскўвға кетди», деб жавоб берди.
Бундан сўнг ман Афғонистон воқеалариға таассуф баён қилиб, хайрлашиб чиқиб кетдим. Умуман, Ғулом Жейлонийхон билан кўришғонлиғим шул уч мартаба бўлди. Бу кўришувларда сўзлашилғон сўзларнинг мазмуни юқоридағилардан иборатдир. Ўзимнинг Афғонистонға бориш тўғрисида(ги) фикрим бўлса, иккинчи кўришув чоғида эса тамом хотирдан чиқорилғон эди. Шунинг учун иккинчи, учинчи кўришувларда бу тўғридан кўп сўз бўлмади.
Ғулом Жейлонийхон тўғрисидағи жавобимни ман Мирҳабибға айтдим. Орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг Мирҳабиб такрор мани чақириб, Нажмиддиннинг уйига, Маскўвга борған бир-икки тотор меҳмонлар келганлигини, буларнинг Маскўвда Набихон билан кўришишлари мумкин бўлғонлиғини, шулар орқали Ғулом Набихонға бир хат ёзиб, пулнинг етмағанлиғини Ғулом Жейлонийхондан ташқари, ўзимизнинг ҳам билишимиз кераклиғини баён қилиб (Ғулом Набихон ҳам Афғонистон билан алоқани тамом кесиб, шўролар ҳимоясиға сиғинғон оддий бир киши) унга бир хат ёзиб пулнинг етмағанлиғини билдирдим. Манимча ҳам (хат) зарарсиз кўринди. Мирҳабиб олдинда турғон қаламни қўлимға олиб, Ғулом Набихон номиға кичкина бир хат ёзиб, Мирҳабибнинг қўлиға бердим.